ТОШКЕНТ, 28 ноя – Sputnik. Facebookдаги “Водители Ташкента” гуруҳида гуруҳида темир йўл кесишмасида олинган видео қизғин муҳокама қилинмоқда.
Видеода темир йўл кесишмасида автомобиллар ва тез ёрдам машинаси светофорнинг ҳаракатланишга рухсат бериш сигналини кутиб, тўхтаб турганини кўриш мумкин.
Тўсатдан иккита автомашина йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб, темир йўл кесишмадан шошиб ўтиб кетади. Улар ортидан яна учта машина катта тезликда ўтиб кетади.
Бу ҳолатни тирбандликда турган гувоҳ тасвирга олади.
Айни дамда ушбу видео остида ўзбекистонликлар кўплаб изоҳлар ёзишмоқда.
“Одамларда сабр деган тушунча йўқ бўлиб кетяпди. Ўз ҳаёти ўзм учун шунчалик қадрсиз”, - деб ёзган Valijon Mamurjonovich.
Orif Kuchkarov эса “Яхшилаб штраф қилинса, ақли киради буларни, ўзини ҳурмат қилмаган, бошқаларни ҳурмат қилмайди” деб ёзган.
Видео қачон ва қаерда олинганлиги ёзилмаган. Бироқ интернет фойдаланувчилари бу темир йўл кесишмаси “Аэропорт йўли”, “Массив высоковольтный”, “Слонима”, “Сергели-4” деб изоҳ ёзишган.
Эслатиб ўтамиз, сентябр ойида йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинганди. Унга кўра, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни юборган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.