ТОШКЕНТ, 26 ноя – Sputnik. Бугун тахминан соат 8:05 ларда Шаҳрисабз-Қарши автомобиль йўлида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди, деб хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлигини фавқулодда комплекс текширувдан ўтказиш режасига мувофиқ, ҳарбий автомобиллар колоннаси ўқув-машғулотлар ўтказиш ҳудуди томон йўл олаётган эди.
Юқорида қайд этилган йўл чорраҳасидаги ҳаракат ҳарбий автомобиль инспекцияси ходимлари томонидан тартибга солинаётган эди.
"Инспекторлар ҳаракатни тақиқлашга ишора қилганига қарамай, давлат рақами “70 U 110 MA” бўлган “Ласетти“ русумли автомобиль ҳаракатланишда давом этди. Натижада у “ЗИЛ-131” русумли ҳарбий юк машинаси билан тўқнашиб кетди. Уч киши – енгил автомобиль ҳайдовчиси ва икки йўловчи ҳалок бўлди,“Ласетти“нинг яна бир йўловчиси жароҳат олди", - дейилган хабарда.
Жабрланган фуқарога ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатилди, ҳозирда унинг ҳолати барқарор ва ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаяпти.