ТОШКЕНТ, 26 ноя – Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация 2018-йил 28-ноябр куни Женева шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этади, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Шунингдек, ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказади.
Сўнгги йилларда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласи Ўзбекистон ташқи сиёсатининг фаол йўналишларидан бирига айланган. Бундай бўлишига қатор ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий жиддий сабаблар мавжуд. Тошкентда охирги йил давомида Афғонистонда тинчлик ўрнатишга бағишланган бир неча халқаро анжуманлар бўлиб ўтди. Улардан энг муҳимларидан бири - ноябр ойида Афғонистон тинчлик ўрнатиш бўйича Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон иштирокида уч томонлама комиссиянинг тузилиши бўлди. Халқаро экспертлар фикрига кўра ушбу комиссия Афғонистонда тинчлик ўрнатишда муҳим рол ўйнаши керак.