ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Кредиторларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан:
- гаров билан таъминланмаган кредиторлар талабларини гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қондириш қарздор ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда гаров реестрига қарздорнинг мол-мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ёзув киритилган санага кўра календарь кетма-кетлигида амалга оширилади. Бунда, ушбу тартиб қарздорнинг ҳисобварағидаги пул маблағлари унга қўйилган барча талабларни қондириш учун етарли бўлмаган тақдирда, пул маблағларини ҳисобдан чиқариш навбатига татбиқ этилмайди;
- гаров реестрига қарздорнинг мол-мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ёзув киритган кредитор-гаровга олувчилар ўз талабларини қондиришда гаров реестрига тегишли ёзувни киритмаган кредитор-гаровга олувчиларга нисбатан устувор ҳуқуққа эга бўладилар;
- мол-мулкни харид қилишни уни таъминот сифатида қўйиш эвазига молиялаштирган кредитор гаров реестрига тегишли ёзувни киритган тақдирда, ушбу мол-мулк ҳисобидан ўз талабларини қондиришда устувор ҳуқуққа эга бўлади;
- навбатдаги гаровга қўйишга гаров реестрига тегишли ёзувни киритиш шарти билан аввалги гаровга олувчининг розилигисиз рухсат этилади;
- гаровга қўювчи томонидан гаров предметини ижарага беришга гаров реестрига тегишли ёзувни киритиш ва бу ҳақда гаровга олувчини хабардор этиш шарти билан гаровга олувчининг розилигисиз рухсат этилади.
Қарор билан:
- шартномада ўзгача қоида белгиланган бўлмаса, қарздорнинг мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун тақдим этилган мол-мулкидан фойдаланиш ёки уни сотишдан олинган ҳосил ва даромадларга кредиторнинг устувор ҳуқуқи татбиқ этилади;
- лизинг, бўлиб-бўлиб тўлашни назарда тутувчи олди-сотди, ижара ёки бошқа битимлар объекти бўлган ҳамда ушбу битимларда мажбуриятлар - бажарилишини таъминлаш учун қўйилган мол-мулкка гаров учун белгиланган ундирув қаратиш тартиби тадбиқ этилади;
- ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, гаров предмети ёки кредиторнинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш предмети сифатида қўйилган кўчар мол-мулкка ундирувни қаратишга суд буйруғи институти тадбиқ этилади.