ТОШКЕНТ, 23 ноя – Sputnik. Қозоғистонда Юлдуз Усмонова қўшиқ куйлаган вақтда тўй ташкилотчилари қўриқлаш агентлиги ходимларини жалб қилган. Шунинг учун саҳна олдида қуролланган кишилар кўп бўлган.
“Туркистон вилояти Сариғаш туманидаги ресторанлардан бирида артистлар чиқиши вақтида тўй маросими ташкилотчилари томонидан тартибни таъминлаш мақсадида қўриқлаш агентлиги ходимларини жалб қилди”, - деб маълум қилди Sputnikга Қозоғистон ИИВнинг расмий вакили Алмас Садубаев.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда қўриқлаш ташкилотига нисбатан ходимлар хизмат қуролидан фойдаланиш тартиби бузилиши ҳолати бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 484-моддаси 1-қисми бўйича баённома тузилди.
“Шу билан бирга Тадбиркорлик кодекси доирасида прокуратура органларига қўриқлаш ташкилотида қўриқлаш фаолиятини юритиш соҳасидаги қонунчилик талабларига мос келишини аниқлаш мақсадида режадан ташқари текширув ўтказиш ташаббуси билан чиқилди”, - деб қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин интернетда Юлдуз Усмонова тўйда автоматик қурол билан қуролланган шахслар қуршовида қўшиқ куйлагани тасвирга олинган видео тарқалганди.
Интернет муштарийлари ушбу тўйда қозоғистонлик ижрочи Серикбол Сайлаубек ҳам шу қуролланган кишилар қуршовида қўшиқ куйлаганини ёзишган.