ТОШКЕНТ, 22 ноя – Sputnik. “Хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун мажбурий йиғимларни ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” идоралараро қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Қарор лойиҳасида хорижий давлатларнинг ойналари қорайтирилган енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун Давлат бюджетига тушадиган 15 доллар миқдорида йиғим ундирилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик кирган ёки транзит ҳаракатланишида бўлган чет эл расмий делегацияларининг ойналари туси ўзгартирилган енгил автотранспорт воситаларига тадбиқ этилмайди.
Шунингдек, хорижий давлатларнинг ойналари қорайтирилган енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан йиғимларни ундириш миллий валюта “сўм”да Ўзбекистон Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича нақд пулсиз шаклда ёки тижорат банклари томонидан нақд пул шаклида, бевосита божхона постларида амалга оширилиши назарда тутилган.
Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг йўл-патруль хизмати Ўзбекистон ҳудудига вақтинча кирган ва транзит ҳаракатланаётган хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан мажбурий йиғимлар ундирилганлигини назорат тартибида текшириш учун квитанция нусхасини кўриши белгиланган.
Шунингдек, ҳайдовчилари томонидан мажбурий йиғимлар тўланмаганлиги аниқланганда, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштиради.
Ундирилган йиғим маблағларини тижорат банклари орқали Ўзбекистон Давлат бюджетига йўналтирилиши белгиланган.
Қарор лойиҳасига мажбурий йиғимларни ундириш бўйича схемаси ҳам илова қилинган.
Ушбу қарор лойиҳаси 7 декабргача муҳокама қилинади.