ТОШКЕНТ, 22 ноя - Sputnik. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган Ёзги Олимпиада ўйинларига жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
Хусусан МОҚ, спортчиларни рағбатлантириш ва Олимпиада лицензиялари сонини ошириш мақсадида Олимпия лицензиясини қўлга киритган спортчига катта пул мукофоти ваъда берди.
“Миллий олимпия қўмитаси Япониядаги Олимпиадага лицензия қўлга киритган ҳар бир спортчи учун мукофот пули 100 миллион сўм этиб белгиланганини маълум қилади”, - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бунгача Индонезиядаги Осиё ўйинларида олтин медалга эга чиққан теннисчимиз Денис Истомин спортчиларимиз ичида биринчи бўлиб Токио Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритганди.
Маълумки, Ўзбекистон Токио Олимпиадасида медаллар сони ва сифати бўйича ҳам аввалги натижаларни яхшилашни ният қилган. Шундай экан, лицензиялар сони ҳам аввалгиларга нисбатан кўпроқ бўлиши лозим. Бундай рағбат эса спортчиларга янги иштиёқ тақдим этиши, уларни янги-янги марралар сари чорлаши шубҳасиздир.