ТОШКЕНТ, 20 ноя – Sputnik. Самарқандда аввал рақс тушиб, сўнг машина капотида ўтирган қизлар ва ушбу видеода тасвирга тушган барча шахслар аниқланди, деб хабар қилди Sputnik мухбири Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси маълумотига асосланган ҳолда.
Хабарда айтилишича, 2018 йил 20 ноябрь куни интернетда тарқалган видеода ёши тахминан 20-25 ёшлар атрофида бўлган, 2 нафар қизлар кўчада жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, беҳаёларча йўл четида ўйнаб, номаълум автомашинанинг олд капотига ётиб олиб, ҳаракатланиб кетаётганлиги ҳолати тасвирланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шахар ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор текширув ишлари натижасида 2018 йил 13 ноябрь куни соат 16:00ларда Каттақўрғон шаҳри А.Темур кўчасида юриш туриш қоидаларини қасддан беҳаёларча менсимасдан ўйнаётган, сочлари калта сарғиш рангли қиз Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасида яшовчи Д.Ч, у билан рақсга тушган қиз Каттақўрғон шаҳрида яшовчи У.Ф эканлиги, автомашина бошқарувида Каттақўрғон шаҳрида яшовчи Р.С. отаси Р.Н.га тегишли Нексия-1 русумли автомашинани хеч бир хужжатларсиз бошқарганлиги, мазкур ҳолатларни улар билан бирга бўлган Каттақўрғон шаҳрида яшовчи М.Н. қўл телефонида тасвирга олганлиги ва ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборганлиги аниқланган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра, Р.С отаси Р.Н.га тегишли Нексия русумли автомашинани хужжатларсиз бошқарганлиги сабабли, унга нисбатан МЖтКнинг 135–моддаси 2-қисми ва 138-моддаси 4-қисми билан ҳамда Р.Н.га нисбатан МЖтКнинг 135–моддаси 2-қисми билан, ҳамда фуқаролар Д.Ч., У.Ф., Р.С. ва М.Н. ларга нисбатан МЖтКнинг 183-моддаси билан маъмурий баённома тузилиб, тўпланган ҳужжатлар Маъмурий ишлар бўйича Каттақўрғон шаҳар судига юборилган.
Уларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин.
Sputnik мухбири ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари билан боғланди.
“Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат бўйича барча ҳуқуқбузарларнинг шахси аниқланиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузилди. Шунингдек, мазкур ҳолат “Мажидий” номли кинотеатрда муҳокама қилиняпти, йиғилишда Хотин-қизлар қўмитаси вилоят вакиллари ҳам иштирок этмоқда”, - деб таъкидлашди Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасида.