ТОШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. Таниқли ўзбек журналисти Бобур Комилов узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этди. Бу ҳақда журналист Шоҳира Ҳамро Facebook’даги саҳифаси орқали маълум қилди.
У Бобурнинг ўлими ўзбек журналистикаси учун катта йўқотиш эканини айтиб ўтди.
“Биз Бобурни Тошкентда, “Prologue” ҳалқаро кинофестивалида кутаётган эдик”, - деб ёзади Шоҳира Ҳамро.
Бобур Комилов кейинги йилларда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот котиби лавозимида фаолият юритиб келаётганди.
Шунингдек, Бобур Комилов “Ёшлар” телеканалидаги “Давр” янгиликлар дастури, Uzbekistan Today газетасида фаолият кўрсатган, радиодастурлар муаллифи эди. Лондондаги Сити университети магистратурасини (халқаро журналистика) тамомлаган.
Маълум бўлишича, Бобур Комилов даволаниш учун Туркияга кетган эди.