ТОШКЕНТ, 11 ноя – Sputnik. Германия ҳарбий кучларининг элита бўлинмалари сафида хизмат қилувчи бир неча ҳарбийлар яширин миллатчи жамият ташкил қилиб, ҳукуматни эгаллаб олмоқчи бўлишди, деб хабар қилмоқда ОАВлар.
Давлат тўнтариши уюштириш мақсадида яширин гуруҳ аъзолари қурол-аслаҳа ва ёнилғи тўплашган. Белгиланган кунда улар ўзларига ёқмаган сиёсатчиларни бир жойда жамлаб уларни йўқ қилишни режалаштиришган.
Ушбу сиёсатчиларнинг тўлиқ рўйхати маълум бўлмасада, улар орасида “Яшиллар” партияси раҳбари Клаудия Рот, Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас ва Германия собиқ президенти Йоахим Гаук борлиги хабар қилинган.
Ундан ташқари, гуруҳ аъзоси бўлган Франко А. исмли бундесвер аскари ўзи Германия фуқароси бўлсада Миграция марказидан суриялик қочқин ҳужжатини олган. У келажакда терактлар амалга ошириб, уларни қочқинларга тўнкамоқчи бўлган.
Хабарда айтилишига кўра, яширин миллатчи-ҳарбийларнинг барчаси халқаро коалиция таркибида 1996 йилда Африка ва Афғонистонда хизмат қилган. Шунингдек, Германия разведка хизматида уларнинг шериги бўлиб, гуруҳни керакли маълумотлар билан таъминлаб турган.