ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда Россия Федерациясининг кўп тармоқли миграция маркази ташкил қилиниши мумкин. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Бу ташаббусни Москвада ўтказилган учрашувда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов ва Россия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирининг ўринбосари Алексей Черкасов муҳокама қилди.
Томонлар Тошкентда 20 декабрь куни эришилган келишувлар бўйича биринчи ишчи гуруҳлар йиғилишини ўтказишга келишиб олишди.
Кўп тармоқли миграция маркази Ўзбекистон фуқароларига Россия ҳудудида меҳнат қилишга патент бериш бўйича хизмат кўрсатади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси Ўзбекистон аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази ва Россия меҳнат вазирлиги бутун Россия илмий тадқиқот институти ва Иқтисодиёт олий мактаби ўртасида фуқароларнинг иш стажини ҳисобга олиш ва пенсия ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик битими лойиҳаси, шунингдек икки давлат пенсия фонди ўртасидаги электрон база маълумотлари алмашиниш масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон делегацияси кўп тармоқли миграция маркази, шунингдек “Сахарово” хорижий фуқароларни вақтинча ушлаб туриш марказига ташриф буюрган.
Айни дамда у ерда Ўзбекистоннинг 170 та фуқароси мавжуд. Ўзбекистон делегацияси улар билан суҳбат ўтказиб, яшаш шарт-шароитлари билан танишди.