ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Қирғизистон давлат чегара хизмати қўшни мамлакатда қаттиқ тартибдаги колонияда юз берган исёндан кейин йўловчилар ўтиш пунктлари ва Тожикистон билан давлат чегараси назорат чизиқларида ҳушёрликни кучайтирди.
Бу ҳақда РИА Новостига Қирғизистон давлат чегара хизмати вакили Гульмира Борубаева хабар қилган.
"Қирғизистон давлат чегара хизмати вазиятни синчковлик билан кузатмоқда. Қирғизистон-Тожикистон ўтиш пунктларида, шунингдек, давлат чегараси чизиғида ҳушёрлик кучайтирилган", - деб айтган Борубаева.
Шу билан бирга, ходима Қирғизистон томондан чегара қўриқланиши "одатдаги тартибда амалга оширилаётгани"ни қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, пайшанба куни Тожикистон шимолидаги Хўжанд шаҳрида маҳбуслар колониясида юз берган исёнда икки нафар зобит - колония ходими ва спецназ аскари ҳамда 25 нафарга яқин махбуслар ҳалок бўлганлар.
Дастлабки маълумотларга кўра, махбуслардан бири, ИД аъзоси посбондан автоматини тортиб олиб, уни қуролсизлантиришга муваффақ бўлган. Сал кейин махбуслар колониянинг бир корпусини эгаллаб олганлар.
Сўғд вилояти ИИБ спецназ қўшини штурми туфайли исён бостирилган.