ТОШКЕНТ, 7 ноя – Sputnik. Ўзбекистонда 7-12 ноябрь кунлари тарихда биринчи маротаба “Нақшбандия сайёҳлик фестивали” бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда ТИВ матбуот хизмати.
Ушбу фестивални Малайзияда жойлашган Жаҳон сўфийлар маркази (World Sufi Center) ва Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида ташкил қилинмоқда.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – ўзбекистонлик мутафаккирларнинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасини эътироф этиш, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишдир.
Фестивальда Нақшбандия тариқатининг Малайзия, Индонезия, Туркия, Буюк Британия, Янги Зеландия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, АҚШ, ЖАР ва бошқа мамлакатлардаги 150 нафардан ошиқ вакили, жумладан, 10 нафардан ортиқ таниқли уламо иштирок этиши кутилмоқда.
Нақшбандия – бу сўфийлар тариқати (биродарлиги) бўлиб, у динда камтаринликни, махфий зикр ва илоҳий муҳаббатни тарғиб қилади. Тариқатга 14 асрда Бухорода яшаган Муҳаммад Баҳовуддин Нақшбандий номи берилган. Нақшбандийлик таълимотининг асосида "кўнгил Худода бўлсин-у, қўл иш билан банд бўлсин" шиори ётади. Унга кўра, дилни Аллоҳ билан боғлаган ҳодда касбу ҳунар ва қўл меҳнатини асло тарк етмаслик керак. Фақирона яшаш, хайр-еҳсон ҳисобига емас, ўз меҳнати ҳисобига ҳаёт кечириш лозим.