ТОШКЕНТ, 5 ноя — Sputnik. 3-ноябрь куни AIBA Халқаро хаваскор боксчилар уюшмаси президенти этиб Ўзбекистон вакили - Ғофур Раҳимов сайланди, деб хабар қилди РИА Новости.
АIBA ҳисобот-сайлов конгресси 2-3 ноябрь куни Москвада бўлиб ўтди.
"Аминманки, бокснинг келажаги ёруғ. Менга бизнинг буюк спортимиз равнақига ҳисса қўшишга имкон берганлари учун фахр туйғусини ҳис қилмоқдаман. Биз боксни ривожлантириш бўйича режани ишлаб чиқдик. Аминманки, биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга етамиз. Бокснинг келажаги буюк ва ишончим комилки, бизнинг бу спортимиз учун буюк келажакни ярата оламиз", - деб айтган Раҳимов конгресс вақтида.
Раҳимов 2018 йилнинг январ ойидан ташкилот президенти вазифасини бажарувчи лавозимини эгаллаб келаётган эди.
AIBA раҳбарлигига сайловларда ташкилот вице-президенти Серик Конакбаев Раҳимовга қарши бўлган. Шу билан бирга, Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ҳам Раҳимов АҚШ Молия вазирлигининг хорижий активларни назорат қилиш департаменти томонидан санкция рўйхатига киритилгани учун унга қарши чиқмоқда.
ХОҚ AIBA атрофида юз бераётган ҳолатлардан қаттиқ ташвишда. Ташкилот раҳбари лавозимига Раҳимовнинг сайланиши, бокснинг олимпия мақомини сақлаб қолиши масаласига таъсир кўрсатиши мумкин эди.
"Илгарироқ, ХОҚ AIBAнинг баъзи муаммолари тўғрисидаг масалаларни кўтарган, шу жумладан бокснинг олимпия дастурида бўлиши масаласини ҳам. Биз танқидни эшитдик ва бу масалаларда катта ютуқларга эришдик. Низомга киритилган янги тузатишлар орқали, биз ХОҚ томонидан кўтарилган масалаларга ечим топамиз. Бу тузатишлар, шундай тизимни ўрнатади-ки, унга кўра янги сайланган президент, агар шунга зарурат туғилса, маълум муддатга ўз эгаллаб турган лавозимини тарк этиши мумкин", - деб айтган Раҳимов сайловларга қадар.
Сайловлар бошланиши олдидан Раҳимов бевосита делегатларни бокс Токиода ўтказиладиган Олимпия ўйинлари-2020 дастуридан ўчирилмаслигини, барча зарур масалалар бундай ҳолат рўй бермаслиги учун ўз ечимини топишини айтиб ишонтирган. Натижада AIBAнинг янги раҳбари этиб тўрт йил муддатга Раҳимов сайланган - у учун 134 делегатдан 86 нафари овоз берган. Яна учта бюллетень ҳақиқий эмас деб топилган.
AIBA раҳбарлигига бўлиб ўтган сайловлардан сўнг Халқаро олимпия қўмитаси Москвадаги конгрессда қабул қилинган қарорларни эътиборга олган ҳолда, бу масалаларни ноябрь ойи охирида - декабрь бошларида Токиода ўтказиладиган ижроия қўмитаси мажлисида кўриб чиқишни режалаштираётганини маълум қилган.
"Биз AIBA конгрессининг Москвада қабул қилган қарорини эътиборга оламиз. ХОҚ олдинроқ шуни аниқ маълум қилгандики, молиялаштириш, антидопинг дастури, судьялик ва AIBA бошқаруви билан боғлиқ масалалар, шу жумладан президент сайловлари ҳам, ва бу масалар билан чегараланмаган ҳолда, қўмитани жуда каттиқ ташвишлантирмоқда. Биз бу масалаларнинг барчасини Токиода 30 ноябрь - 2 декабр кунлари бўлиб ўтадиган ижроия қўмитаси мажлисида кўриб чиқамиз", - дея иқтибос келтирган Insidethegames ХОҚ вакили Марк Адамс сўзларидан.
У шунингдек, ХОҚнинг келгуси ҳатти-ҳаракатлари нафақат AIBA томонидан қабул қилинадиган қарорлар ва баёнотларга, балки бу қарорларнинг бажарилишига ҳам асосланишини қайд этиб ўтган.