ТОШКЕНТ, 1 ноя - Sputnik. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида инвестициявий лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ “Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото-видео фиксация қилишнинг автоматлаштирилган тизими” амалга оширилиши белгиланди.
Ушбу лойиҳа “ATLAS International” (Германия) компаниялари билан ҳамкорликда 2018–2019 йилларда дастлаб Андижон, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятларида амалга оширилади.
Лойиҳани амалга ошириш учун жами 300 млн. евро тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилади.
Автоматлаштирилган тизим ёрдамида аниқланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ундириладиган жарима суммаси қуйидагича тақсимланади:
- 20 фоиз – Давлат бюджетига;
- 20 фоиз – йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун маҳаллий бюджетга;
- 25 фоиз – Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
- 10 фоиз – Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази ҳисобига;
- 25 фоиз – инвестициявий харажатларнинг ҳажми қоплангунига қадар Инвестор ҳисобига.
Инвестициявий харажатлар тўлиқ қопланганидан сўнг ушбу сумма Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига йўналтирилади.
Шунингдек, қарорга кўра лойиҳани амалга ошириш учун Андижон, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари, Автомобиль йўллари давлат қўмитасига қуйидагилар юкланди:
- йўл белгилари, ахборот кўрсаткичлари ва бошқв техник воситаларни ўз вақтида ўрнатиш;
- узоқ вақт давомида хизмат кўрсатувчи чидамли йўл ҳаракати чизиқларини чизиш;
- қурилиш ва монтаж ишларини лозим даражада амалга ошириш;
- маҳаллий бюджет ҳисобидан ташқи тармоқлардан автоматлаштирилган тизимнинг объектларигача электр узатиш линиялари ва телекоммуникация тармоқларини тортиш.