ТОШКЕНТ, 22 окт – Sputnik. “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Ушбу низомнинг 27-бандида белгиланган меъёрлар бўйича тегишли майдонга эга бўлган умумтаълим муассасасининг синфлари тўлиқлиги 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмайди дейилган.
Намунавий лойиҳалар бўйича қурилмаган, мослаштирилган биноларда жойлашган, ўқувчилар сони етарли бўлмаган умумтаълим муассасаларида, олис (тоғли, чўлли) аҳоли пунктларида жойлашган умумтаълим муассасаларида, шунингдек ўзбек тилида ўқитилмайдиган умумтаълим муассасаларида ўқувчилар сони синфларни тўлдиришнинг ўзига хос шарт-шароитларидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг молия бўлимлари билан келишилган ҳолда белгиланади.
Низомда қайд этилишича, кам комплектли умумтаълим муассасаларида (филиалларда) бошланғич синф ўқувчилари қуйидаги ҳолларда битта синфга бирлаштирилиши мумкин: ўқувчилар сони 8 нафаргача бўлган I - IV синфлар; ўқувчилар сони 12 нафаргача бўлган учта бошланғич синф; ўқувчилар сони 24 нафаргача бўлган иккита бошланғич синф (I ва III, II ва IV синфлар).
Қарор лойиҳаси 3 ноябргача муҳокама қилинади.