ТОШКЕНТ, 17 окт – Sputnik. Эртага 18 октябрь куни Тошкентда “Ўзбекистон-Россия таълим форуми” ўтказилмоқда, деб хабар қилмоқда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати.
Россия ва Ўзбекистонинг қатор етакчи олий таълим муассасалари ташаббуси билан ташкил қилинаётган форумда Россия ва Ўзбекистон президент маъмурияти вакиллари, ҳукумат раҳбарлари, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири ва Россия Федерациясини Таълим ва фан вазири ҳамда Россиянинг 80 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этади.
“Форумнинг мақсади Ўзбекистон ва Россия ўртасида замонавий йўналиш ва мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот соҳасида ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан иборат”, - дейилган хабарда.
“Ўзбекистон-Россия таълим форуми” якунлари бўйича Ўзбекистонда Россиянинг нуфузли олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш, биргаликда илмий ва инновацион форум ҳамда қўшма тадбирларни ўтказиш, илмий-тадқиқот бўйича лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистонда ташкил қилинган Россиянинг 4 та олий таълим муассасалари филиалларида икки минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Ундан ташқари яна бир неча минг ўзбекистонлик талабалар Россия ОТМларида таҳсил олмоқда.