ТОШКЕНТ, 17 окт - Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси банк тизимидаги талон-тарожлик фош қилингани ҳақида ахборот берди.
Хабарда айтилишича, департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган ва унда ТИФ "Миллий банк" Андижон вилоят филиали мансабдор шахслари ва бошқалар олдиндан жиноий тил бириктириб, мазкур банк мижозлари ҳисобланган 10 та хўжалик юритувчи субъектларнинг валюта ҳисоб-рақамларида бўлган 759 минг АҚШ долларини уларнинг хабарисиз бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб рақамларига ноқонуний ўтказиб, ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ТИФ "Миллий банк" Андижон вилоят филиали мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.