ТОШКЕНТ, 17 окт – Sputnik. “Менинг фикрим” – ижтимоий ташаббуслар порталига жойлаштирилган Ўзбекистон да 5 кунлик иш ҳафтасига ўтиш ҳақидаги таклифга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва Меҳнат вазирлиги ўз муносабатини билдирди.
Муассаса расмий вебсайтида хабар қилинишига кўра, ушбу таклиф мақсадга мувофиқ эмас.
“Меҳнат қонунчилигига ўзгариш ва қўшимчалар киритишни талаб этадиган бундай таклиф мақсадга мувофиқ эмас”, - дейилган хабарда.
Вазирлик фикрига кўра, бу поликлиника, шифохоналар, мактаб ва ОТМлар иш тартибига ўзгаришлар олиб келиши мумкин.
Иккинчидан, ҳар қандай корхона ва муассасада ҳафтада беш ёки олти иш куни бўлиши иш берувчи ва ишчи орасидаги келишувга асосан белгиланиши мумкин. Шунинг учун, вазирлик фикрига кўра бу борада алоҳида қонун қабул қилишнинг ҳожати йўқ.
Бугунги кунда дунё мамлакатларида иш соатлари бўйича қуйидаги стандартлар мавжуд:
- Европа мамлакатларида - 33-35 соат
- АҚШда давлат корхоналарида - 40 соат, хусусий корхоналарда - 35 соат
- МДҲ мамлакатларида - 40 соат
- Япония - 40-44 соат
- Хитой - 60 соат
Шуни тан олиш керак-ки, дунённг барча ривожланган мамлакатларида иш соатлари йил сайин қисқариб бормоқда. Ривожланган Европа мамлакатлари ҳафтасига 33-35 соатдан ишлайди. Бу 4,5 кун дегани.
Россияда ҳам Давлат Думаси бир неча бор 4 кунлик иш кунига ўтиш таклифини ўрганиб чиққан эди, лекин бунинг ўрнига 10 кунлик Янги йил таътилини ва йил давомида яна бир неча бор 3-4 кунлик узулуксиз дам олиш кунларини кучда қолдирган эди.