ТОШКЕНТ, 17 окт – Sputnik. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 16 сентябрда “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” 828-сон қарори қабул қилинди.
Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги 463-сон қарорига тегишли ўзгартириш киритилди.
Яъни, эндиликда Ўзбекистон Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг даврийлиги ўзгарди.
Рўйхатдан ўрин олган 20 турдаги маиший техника буюмлари, офис техникалари ва бошқа жиҳозларни эндиликда ҳар 6 ойда чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб кириш мумкин.
Бошқа турдаги товарларни эса 1 календарь ойда 1 маротаба ҳар бир номдаги товардан 2 кг.гача (бўлинмайдиган товарлар бундан мустасно) олиб киришга рухсат этилади. Аммо, мазкур товарларнинг умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмаслиги керак.