ТОШКЕНТ, 15 окт – Sputnik. Facebookдаги гуруҳлардан бирида Ўзбекистон Ички ишлар ходимларининг янги формаси фото-сурати пайдо бўлди ва айни вақтда бу хабар кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 10 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинганди.
Фармон билан тасдиқланган дастурга кўра, халқаро стандартлар асосида, фуқаролар онгида ички ишлар органлари ҳақида ижобий имиж шакллантириш мақсадида милиция ходимларининг махсус либослари, атрибуткалари ва фарқловчи белгиларини қайта кўриб чиқиш кўзда тутилган.
Аммо шу вақтгача, Ўзбекистон ИИВ формаси бўйича назарда тутилган ўзгаришлар рўй бермади.
"Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ИИББ ва бошқа хизмат вакиллари янги форма намуналари бўйича иш олиб боришмоқда. Бу форма шакли ҳали тасдиқланмаган, бу бўйича иш давом этмоқда”, - деб маълум қилди Sputnik Ўзбекистон мухбирига Ички ишлар органи вакилларидан бири.
Ўзбекистон ИИВ дан бу борада расмий изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Sputnik Ўзбекистон мухбири ўз манбасига таяниб хабар беришича хали 2 йил давомида форма алмашмайди.
Ҳозирча Ички ишлар вазирлиги томонидан янги форма шакли расман эълон қилинмаган.