ТОШКЕНТ, 14 окт - Sputnik. Давлат Статистика қўмитаси Ўзбекистонда қайд этилган туғилиш ва ўлим ҳисоботини эълон қилди.
Унда айтилишига кўра, Ўзбекистонда 2018 йилнинг 9 ойида 553,4 минг туғилиш ва 112 мингта ўлим ҳолатлари қайд этилган.
"Ушбу қайд этилган ўлим ҳолатларининг 60 % - қон-айланиш тизими касалликлари туфайли содир бўлган", - дейилган ҳисоботда.
Ўлимга олиб келувчи сабаблар орасида иккинчи ўринда, 9,5 % - турли ўсимталар пайдо бўлиши билан боғлиқ касалликлар турар экан.
Шунингдек 6,3 % ўлимлар – бахтсиз ҳодисалар туфайли, 5,5 % ўлимлар – овқат ҳазм қилиш органллари касалликлари, 4,1 % - нафас олиш тизими, 1,5 % - юқумли касалликлар ва 12,4 % - бошқа касалликлардан вафот этар экан.
Ўзбекистонда ушбу давр мобайнида вафот этган болалар сони 5,6 мингтани ташкил этган бўлиб, уларнинг 60,8 % перинатал даврда юз берган ҳолатлардан, 16,6 % - нафас олиш аъзолари касалликларидан, 11,7 % - туғма аномалиялардан, 2,2 % - бахсиз ҳодисалар, заҳарланиш ва жароҳатлардан вафот этгани маълум бўлди.
Энг кўп ўлим қайси вилоятда юз берган?
Ушбу давр мобайнида Ўзбекистонда ўртача ўлим коэфиценти 1000 нафар аҳоли сонига нисбатан 4,6 промиллени ташкил қилди. Бу ўтган 2017 йилдаги коэфицентга нисбатан 0,2 промиллега кам.
Ҳисоботда айтилишига кўра, ўлим коэфиценти энг юқори бўлган ҳудудлар: Тошкент шаҳри - 6,4 промилле, Тошкент вилояти – 5,6 промилле ва Андижон шаҳри – 4,9 промилле, деб аниқланган.
Шунингдек, ҳисоботда ўлим коэфиценти энг кам бўлган ҳудудлар: Қашқадарё вилояти – 4,0 промилле, Жиззах, Бухоро, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида – 4,1 промилле, деб айтилган.