ТОШКЕНТ, 13 окт - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 ноябрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақа миқдори 1,1 баравар оширилиши тўғрисидаги Фармонга имзо чекди. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.
Қарор аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватланишини кучайтириш, шунингдек, меҳнатига кам ҳақ тўланадиган ходимлар иш ҳақи миқдорини жадал равишда оширишни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Ҳужжатга кўра 2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилмоқда.
2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам иш ҳақи — ойига 202 730 сўм; ёшга доир пенсиялар — ойига 396 500 сўм; болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 396 500 сўм; зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 243 300 сўм миқдорида белгиланди.
Белгилансинки, иш ҳақи ҳамда пенсияларга қўшилган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган компенсация ва бошқа тўловлар 2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг қуйи разрядлари тариф коэффициентларини ўртача 10 фоизга, шу жумладан, 1-разряд бўйича 15 фоизга, 2-разряд бўйича 10 фоизга ва 3-разряд бўйича 5 фоизга ошириш орқали меҳнатига кам ҳақ тўланадиган ходимларнинг иш ҳақи миқдорининг жадал равишда оширилишини кўзда тутган ҳолда 2019 йил 1 январдан Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасини қайта кўриб чиқилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан сақланадиган ташкилотларда банд бўлган универсал касблар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашга доир разрядларни танқидий кўриб чиқсин ва 2019 йил 1 январидан уларнинг янгиланганларини жорий этилади.