ТОШКЕНТ, 11 окт – Sputnik. Тошкент шаҳрида жойлашган алоқа тарих музейида Ўзбекистон Биринчи президенти Ислом Каримовнинг биринчи уяли алоқа аппарати намойиш этилди, Сурхондарё ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига асосан.
Ушбу телефон аппарати орқали Ислом Каримов 1992 йилнинг 26 августида Ўзбекистон тарихида биринчи уяли алоқа суҳбатини амалга оширган.
Фотосуратда кўриниб турган телефондан афсонавий Nokia компаниясининг 1987 йилда ишлаб чиқарилган модели – Mobira Cityman, (ёки Nokia Cityman) телефонини таниш мумкин.
Nokia Mobira Cityman 900 телефон аппарати 1987 йилда Финландиянинг афсонавий компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Айнан ушбу телефон орқали 1987 йилнинг 9 апрелида Михаил Горбачев Хельсинкидан Москвага қўнғироқ қилган эди.
Nokia Mobira Cityman ўз даврининг энг илғор аппарати бўлган: телефон янги NMT900 алоқа стандартида ишлаган, унинг оғирлиги 760 грамм бщлган. Бундан олдинги мобил телефонлар оғирлиги 5 кг атрофида бўлган.
Айнан ушбу телефоннинг моноблок шаклидаги кўриниши (форм-фактор) келажакда барча уяли алоқа аппаратлари учун стандартга айланади. Телефонда қўнғироқ қилишдан ташқари илк бор смс юбориш функцияси пайдо бўлади.
Ўша вақтда унинг нархи 5000 $ атрофида, алоқа хизматлари нархи эса: чиқиш қўнғироқлари учун дақиқасига - 2 $, кириш қўнғироқларига - 1$ бўлган.