ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Дональд Трамп Никки Хейли нега АҚШнинг БМТдаги доимий вакили лавозимини тарк этаётгани борасида изоҳ берар экан, ушбу қарор анча вақт олдин қабул қилинганини айтган. РИА Новости хабари асосида.
Америка президентининг сўзларига кўра, Хейли уни тахминан олти ой олдин, йил охирида озроқ ҳордиқ чиқариши кераклиги тўғрисида огоҳлантирган. Айнан шу вақтда у эгаллаб турган лавозимини тарк этади, деб аниқлик киритган у.
Трамп, шунингдек, Хейли келажакда президент администрациясига бошқа лавозимга қайтишига умид билдирган.
Axios нашрининг ўз манбасига таяниб хабар беришича, Хейли ўтган ҳафтада Оқ уйда Трамп билан ўзининг истеъфоси масаласини муҳокама қилган. Администрациянинг кўплаб ходимлари бу хабарни ҳайрат ила қабул қилдилар, деб ёзган портал.
Хейли АҚШнинг БМТдаги доимий вакили лавозимини ўтган йилнинг 27 январидан эгаллаб келади. Бу лавозим вазир рангига тенг, шу боис Хейли Трамп бошқарувидаги кабинет аъзоларидан бири ҳисобланади.
Трамп, шунингдек, АҚШнинг БМТдаги янги доимий вакилига номзод сифатида Дина Пауэлл номзодини кўриб чиқишини маълум қилган.