ТОШКЕНТ, 10 окт - Sputnik. Покистон делегацияси Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида бўлди, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
"Покистон Ислом Республикаси Қуруқликдаги қўшинлари коллежи коменданти генерал-майор Сарфраз Али бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясига ташриф буюрди", - дейилади хабарда.
Делегация академиянинг инфратузилмаси, ўқув-моддий базаси билан танишди. Таълим даргоҳининг профессор-ўқитувчилар таркиби билан биргаликда ўтказилган семинар-тренинг машғулотларида ҳар икки томон вакилларининг маърузалари тингланди.
Икки мамлакат ҳарбий билим юртлари келгусидаги ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган мақсадли режаларни белгилаб олди.
Учрашув давомида делегация аъзолари Қуролли Кучлар давлат музейида ҳам бўлиб, Щзбекистон миллий армияси тарихи ва бугунига оид маълумотлар билан яқиндан танишдилар.