ТОШКЕНТ, 4 окт - Sputnik. Халқаро пресс-клуб сессиясида “Ўзбекэнерго” АЖ раисининг ўринбосари Рўзиқул Раимов паст кучланишли ҳаво тармоқларининг 60 фоизи эскирганлигини маълум қилди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилди.
“Паст кучланишли ҳаво тармоқлари, булар хонадонимизга келган эскича қилиб айтганда - сим ёғоч, столба ёки сим чўп деймизми, мана шу тармоқлар бугун 200-230 минг кмдан кўп булар. Мана шулар 60 фоизи эскирган. Ёғочлар ўзининг қуруқлик, намлик даражаси бўлади. Булар ҳаммаси муддатини ўтаб бўлган,” – деди Раимов.
Кўп йиллар давомида узилган жойни, худди ёнғин ўчириш командасига ўхшаб, қаерда сим узилса, ўша ерга бориб қайта қилдик. Қаерда иккита столба йиқилаётган бўлса, бориб жойига ўрнатдик. Лекин мукаммал даражада бир иш қилганимиз йўқ, дея таъкидлади “Ўзбекэнерго” вакили.
Раимовнинг сўзларига кўра, президент ўзи шу соҳани модернизация қилиш бўйича тегишли қарорни имзолади.
“Ташаббускори, ижодкори ўзлари, маблағини ҳам ўзлари топиб бердилар. Мана шу ишни бошлаб қишлоқларимизга кириб борганимиздан кейин, яна иккита “Обод маҳалла, обод қишлоқ” дастурига қўл қўйилди”, - деб қўшимча қилди “Ўзбекэнерго” раҳбари ўринбосари.