ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. GM Uzbekistan “Шахрихон-Авто Равон” АЖ билан дилерлик келишувини бекор қилганини маълум қилади.
“Келишувни бекор қилинишига дилерлик маркази томонидан тизимли равишда келишув шартларининг бузиб келиниши, GM Uzbekistan автомобиллари савдосида шаффофликнинг мавжуд эмаслиги, иш жараёнида коррупцияга йўл қўйишлик, автомобилларни сунъий бронлаш, харидорлар ўртасида талаб катта бўлган автомобилларни “ёпиқ гаражларда” сақланиши, расмий нархларнинг очиқ маълумот тарзида мавжуд эмаслиги, шартнома тузиш учун мавжуд бўлган автомобиллар ҳақида ёлғон маълумотлар берилиши, фаолият юритмайдиган колл-марказ, ходимларнинг дилерлик марказлари стандартларига номуносиблиги сабаб бўлди”, - дейилган компания хабарида.
Компания ана шундай қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўяётган дилерлик марказларини аниқлаш борасида ишларни давом эттиришини маълум қилди.
Шунингдек, дилерлик марказларида қонунга ҳилоф ҳолатлар ҳақида дарҳол GM Uzbekistan колл-марказига ёки Ўзбекистон Бош Прокуратурасининг ягона ишонч рақамларига мурожаат қилиш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, 1-25 сентябр кунлари GM Uzbekistan автомобилларига тузилган 10 мингдан ортиқ ариза бекор қилинди. Шунингдек, Шунингдек, август ойининг сўнгги ҳафтасида 6393 дона сохта аризалар қолдирилгани аниқланди ва улар тизимдан ўчирилганлиги маълум қилинди.