ТОШКЕНТ, 26 сен – Sputnik. НАТО ҳозирча Афғонистондан чиқиш имкониятини кўриб чиққани йўқ, у маҳаллий кучларни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда, чунки кетиш баҳоси иштирокни сақлаб қолишдан кўра қиммат бўлар эди, деб баёнот қилди чоршанба куни альянс бош котиби Йенс Столтенберг.
Брюсселда 11-12 июл кунлари бўлиб ўтган, "Қатъий кўмак" миссиясига ҳисса қўшадиган НАТОга аъзо мамлакатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари ҳамда шериклар иштирокидаги саммитида афғон хавфсизлик кучларини молиялаштиришни 2024 йилга қадар узайтириш қарори қабул қилинган эди.
"Биз кетиш баҳосини, қолиш баҳоси билан солиштирганимизда, шундай хулосага келамизки, чиқиш баҳоси ҳамиша баланд бўлади. Чунки, агар биз ҳозир Афғонистондан кетсак, у ҳолда Афғонистонга толиблар ҳам, "ИД" ҳам қайтишига тайёр туришимиз керак. "ИД" Сурия ва Ироқда йўқотган "ҳалифат"ни Афғонистонда тиклашга ҳаракат қилар эди. Яъни, биз кетсак, якун мана шундай бўлиши эҳтимоли юқори", — деб баёнот қилди Столтенберг Нью-Йоркда.
Столтенбергнинг чиқиши видеоси НАТО матбуот-хизмати томонидан тарқатилган.
Альянс Бош котиби сўзларига кўра, "Афғонистондан чиқишнинг йўли - сиёсий ечимга кела олишга қодир бўлишдир", шу боис НАТО мамлакат президентининг толиблар билан мулоқотга қаратилган тинчлик бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.
"Биз Афғонистонда керагидан ортиқ қолмаймиз", — деб қайд этган Столтенберг, "альянс қанча керак бўлса, шунча қолишини" қўшимча қилган ҳолда. У халқаро террорчиларнинг мамлакатга қайтишларига йўл қўйилмаслигини айтган.
Афғонистонда ҳукумат кучлари ва "Толибон" радикал ҳаракати кучлари ўртасида кураш кетмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, толиблар мамлакат ҳудудининг 50%и устидан назорат олиб боради. Шу билан бирга Афғонистонда "Ислом давлати" террорчилик гуруҳи ҳам ўз таъсирини кучайтирмоқда.