ТОШКЕНТ, 26 сен – Sputnik. Шавкат Мирзиёев Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди, деб хабар қилмоқда УзА.
Ушбу жамғарма хорижда яшаётган ва ишлаётган ватандошларимиз, айниқса, катта илмий салоҳиятга эга бўлган олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишга хизмат қилади.
Фармон билан янги жамғарманинг ташкилий тузилмаси, унинг Низоми, Васийлик кенгаши таркиби ҳамда хорижда таълим олиш, стажировка ўташ ва малака ошириш учун номзодлар ўртасидаги танлов Тартиби ҳам тасдиқланди.
Жамғарманинг молиявий кўмаги билан хорижда малака ошириб келган мутахассилар, уларни тавсия этган муассаларда камида 3 йил ишлаб беришлари керак бўлади. Магистратура ёки докторантура дастурлари бўйича таълим олган стипендиатлар, ўқишдан сўнг 5 йилдан кам бўлмаган муддатда, стипендиатни ўқитишга қилинган барча ҳаражатлар микдори 75 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлса, уларга 7 йилгача узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти юкланади.
Жамғарма хориждаги малакали ватандошларимиз ҳамда Ўзбекистондаги кадрлар заҳирасига эҳтиёжи бор вазирлик ва идоралар учун ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.