ТОШКЕНТ, 24 сен – Sputnik. Ўзбекистонда яна бир монополия пайдо бўлмоқда, деб ёзади иқтисодиёт фанлари доктори, Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия университети профессори Нишонбой Сиржиддинов ўз Фейсбукида.
“Ўзбекистонликларни яна бир “сюрприз” кутмоқда. “Ўзэлтехсаноат” АЖ нафақат электр товарлари олиб киришни чеклашни (протекционизм) ва “Ўзавтосаноат”га берилган имтиёзларни ҳам қўлга киритишни истайди, балким тайёр электр техникаси импортидан олдинган божларнинг 60 %ини - Электр техникасини ривожлантириш фондига йўлланишини истайди. (Одатда барча божлар давлат бюджетига йўналтирилади)
"Бундай сурбетликка ҳатто барча “севган” “Ўзавтосаноат” ҳам ботина олмаган эди. Шу ўринда битта савол туғилади: бизнинг иқтисодимиз ва истеъмолчиларимиз яна битта монополиячига дош бера олармикан? Ва энг асосийси - бизнинг халққа ана шундай “зарарига ишлайдиган” ишлаб чиқарувчи керакмикан?" , - деб куйинади иқтисодчи.
Дарҳақиқат, қўшни мамлакатлар билан чегаралар очилганидан сўнг Қирғизистон ва Тожкистондан Ўзбекистонга олиб келинаётган электр товарлари сони ошди. У ерда кўп нарса Ўзбекистонга қарганда ҳам арзон ҳам сифатли эди. Лекин аҳоли қувончи кўпга чўзилмади. Божхона хизмати олиб келинаётган маиший техника миқдорини кескин чеклай бошлади.
Дастлаб, одам бошига 1000$дан 300$га туширилди. Бироз вақт ўтиб, бир киши учун 1 ойда 1 дона маҳсулот (совутгич, кир ювиш машинаси, телевизор) олиб киришгача чекланди. Энг сўнгги хабарга кўра, Норматив ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида 20 сентябрда жойлаштирилган янги қонун лойиҳасида маиший техника олиб кириш нормаси одам бошига 6 ойда 1 донагача чекланмоқчи.