Россия стратегик тадқиқотлар институти эксперти Дмитрий Попов ТАТ темир йўл лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишда юзага келаётган муаммолар юзасидан ўз фикрини билдирди.
Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Содиқ Имомий Ашурбойзоданинг Душанбе-Тошкент алоқалари яхшиланганлиги сабабли, ТАТ лойиҳасига ҳожат қолмагани ҳақидаги баёнотидан кейин Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон томонга ушбу баёнотни "тушунмагани" ҳақида маълум қилган.
Эксперт Дмитрий Попов сўзларига кўра, ушбу йўл қурилишидаги асосий муаммолардан бири - бу маблағларнинг йўқлигидир.
"Бошида ушбу лойиҳани Осиё тараққиёт банки молиялаштириши режалаштирилган эди. Бу лойиҳа анча вақтдан буён муҳокама қилинади. Аммо охирги вақтларда ОТБ аллақандай сигналлар бермоқдаки, уларни банк ушбу лойиҳани ҳозир молиялаштиришни хоҳламаяпти, дея изоҳлаш мумкин", - деди Попов Sputnik Тожикистонга берган интервьюсида.
Экспертга кўра, Афғонистон шимолида сўнгги вақтларда нафақат "Толибон" ҳаракати, балки "ИШИД" террористик ҳаракати жангарилари фаоллашуви кузатилмоқда. Турли провинцияларда вазиятнинг зиддий тус олиши кузатилмоқда.
"Темир йўл қурилиши лозим бўлган ҳудудни жангарилар бир муддат олдин қўлга олган эди, биласиз. Шу боис, бу ерда масала биринчи ўринда маблағ йўқлигида, яъни ушбу қиммат лойиҳага пул тикадиган инвесторнинг йўқлигида бўлса", - деди Попов.
Эксперт шунингдек, Туркманистон бу ўринда Тожикистондан хафа бўлиши керак эмаслигини, балки ўтириб, ушбу масалани бафуржа, сокинлик билан муҳокама қилиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Эскперт Ўзбекистон-Тожикистон алоқалари яхшиланиши эҳтимол ушбу лойиҳанинг тўхтатилишида маълум рол ўйнаган бўлиши мумкинлигини инкор этмади, аммо шундай бўлган тақдирда ҳам ТАТ лойиҳаси яқин йилларда барибир амалга ошмаган бўлганлигини қўшимча қилди.
"Тожикистон ушбу лойиҳада қатъий сиёсий иродани намоён қилган тақдирда ҳам, мен яқин йилларда бу лойиҳа ҳаётга татбиқ этилишига кўзим етмайди. Чунки бу лойиҳа юқорида айтганимдек жуда катта маблағ талаб этади", - деди эксперт.