ТОШКЕНТ, 22 сен - Sputnik. Устоз ва мураббийлар байрами куни олдидан "Халқлар Дўстлиги" санъат саройи ёнида, байроқ остида жонли ижрода катта гала концерт бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.
"Байрамни ўтказиш учун дам олиш куни - шанбани танладик. Концертга тушишга ҳамманинг ҳам имкони бўлмайди ва ўйлаймизки, бу халқимизга биз томондан қилинган ажойиб туҳфа бўлади", - деди Спутник мухбири билан суҳбатда "Ўзбекконцерт" вакили.
Концерт халқ сайли тарзида ўтказилиб, уни томоша қилиш бепул бўлади.
Таъкидланишича, ёшлар қўшиқларини севиб тинглайдиган 10 нафар эстрада хонандаси ушбу гала-концертда иштирок этиш истагини билдирган. "Ўзбекконцерт" ходими уларнинг исмини ошкор этишни истамади. "Бу халқимиз учун яхши сюрприз бўлақолсин", - деди у.
Концерт дастури 29 сентябрь куни, соат 19:00 да бўлиб ўтади.