ТОШКЕНТ, 20 сен – Sputnik. Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди.
Фармонда таъкидланганишича, 2017 йилда содир этган қилмишига пушаймон бўлган 18 мингдан зиёд фуқаролар террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар фаолиятида иштирок этишга мойил бўлган шахслар рўйхатидан чиқарилди.
Фармонга мувофиқ, террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилади.
2018 йил 1 ноябрдан бошлаб:
- террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқаролари Комиссия хулосасига асосан жиноий жавобгарликдан озод этилади;
- комиссия томонидан салбий хулоса чиқарилган тақдирда барча ҳолатлар қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади.
Бунда фуқаролар қуйидаги ҳолларда
- айбини бўйнига олиш тўғрисида шахсан арз қилиб келса, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва тузалиш йўлига ўтган бўлса;
- жиноий фаолият ва бошқа ҳуқуққа хилоф қилмишларни фош этишда фаол ёрдам берган бўлса;
- тақиқланган ташкилотлар сафига алдов йўли билан жалб этилган бўлса;
- тақиқланган ташкилотларнинг ғоявий ёки маънавий раҳнамоси бўлмаган бўлса;
- жанговар ҳаракатларда ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишда иштирок этмаган бўлса;
- террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тақиқланган ташкилотларда ўқув, махсус ёки ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган бўлса;
- террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида чиқиш ёки ҳаракатланишни амалга оширмаган бўлса;
- халқаро терроризмни молиялаштиришда иштирок этмаган бўлса;
- террористик, экстремистик ва бошқа бузғунчи ғоялар мавжуд бўлган материалларни адашиб ёки ахборот-коммуникация воситаларида тарқатишга қасд қилмаган ва бундай мақсадни кўзламаган ҳолда сақлаган бўлса.
Ушбу фармон фуқароларнинг Ўзбекистон ҳудудига киришини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.