ТОШКЕНТ, 17 сен – Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокимлиги “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан “Мен касбимни севаман!” видеороликлар танловини эълон қилди.
Унда Тошкент шаҳридаги таълим муассасалари (мактаб, лицей, коллеж, ОТМ) да фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва мураббийлар (ёши, лавозимидан қатъи назар) иштирок этишлари мумкин.
Шаҳар ҳокимияти матбуот хизматининг аниқлик киритишича, мазкур танловни ўтказишдан мақсад ўқитувчиларнинг обрў-эътиборини янада ошириш ва бунда ўқувчиларни ҳам рағбатлантиришдир.
Танлов 14-23 сентябрь кунлари ўтказилади.
Ижтимоий тармоқларда очиқ овоз бериш йўли билан 3 та энг яхши видеоролик танлаб олинади. Ғолиблар эса планшетлар билан тақдирланади.