ТОШКЕНТ, 16 сен – Sputnik. Кеча, 15 сентябрь куни Ўзбекистонда “Автомобилсиз кун” акциясига старт берилди, деб хабар қилмоқда Миллий Олимпия қўмитаси.
"Ушбу тадбир Вазирлар Махкамасининг 2018 йил 30 августдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги кунини ўтказиш ва йўл транспорт ходисалари профилактикасининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 701-сонли қарорида белгиланган вазифага асосан ташкил этилди", - дейилган хабарда.
Мазкур акция Ички Ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Экоҳаракат ҳамда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ҳамкорлигида ўтказилди. Акцияда вазирлик ва идоралар раҳбар ва ходимлари билан бир қаторда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ходимлари фаол иштирок этиб, ўз иш жойларига велосипеда келдилар.
Ушбу акция нафақат атроф-мухитни мухофаза қилади, шу билан бирга одамлар орасида соғлом турмуш-тарзини тарғиб этиб, юртимизда велоспорт турини янада оммалашига хизмат қилади. Бугунги кунда юртимизда Президентимиз ташаббуслари билан велосипед йўлаклари ҳамда замонавий велотураргоҳлар барпо этилаётганлиги қувонарли холдир.
Бундан буён “Автомобилсиз кун” тадбири ҳар ойнинг учинчи жумасида домий равишда ўтказишга қарор қилинди.