ТОШКЕНТ, 14 сен - Sputnik. Жиззах вилоятидаги "Фориш" полигонида франциялик ҳарбийлар билан ҳамкорликда ўқув машғулотлари ўтказилмоқда, деб хабар қилди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот-хизмати Спутник Ўзбекистон мухбирига.
"Режага кўра тажриба алмашув билан боғлиқ амалий машғулотларнинг деярли барчаси «Фориш» полигони тоғли ҳудудларида ўтказилади. Бунда асосий эътибор ҳарбийларнинг мерганлик маҳоратини оширишга қаратилган", - деди суҳбатдош.
Франциядан келган мутахассислар "Мерган кундалиги" ўқув қўлланмасига асосан ҳарбий хизматчилар билан 3 босқичли тайёрлов машқларини олиб боришмоқда. Унга кўра дастлаб ҳарбийларнинг мерганлик даражаси аниқлаб олинади. Шундан сўнг улар гуруҳларга бўлиниб, ўз даражасига кўра уларга алоҳида машғулотлар ўтилади.
Таъкидланишича, бундай тажриба алмашиш ҳар икки томонга ҳам жуда фойдали бўлиб, келгусида ҳам шу турдаги биргаликдаги машғулотларни давом эттириш яхши натижа беришига ишонч билдирилмоқда.