ТОШКЕНТ, 14 сен – Sputnik. Ўзбекистон президентининг 12 сентябрдаги қарорига асосан Вазирлар Маҳкамаси ижро тузилмасига ўзгартириш киритилди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари – Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари — “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозими тугатилди.
Тузилмада бош вазир ўринбосари - Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари лавозими жорий этилди.
Президент қарори билан Алишер Султонов бош вазир ўринбосари – Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари этиб тайинланди.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Баҳром Ашрафхонов “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси лавозимини эгаллаган.