ТОШКЕНТ, 25 авг - Sputnik. Ўзбекистон Қуролли Кучлари Академиясининг "Telegram"даги @Qurolli_Kuchlar_Akademiyasi_bot номли расмий канали ишга тушди. Энди фуқаролар ўз мурожатларини ушбу манзилга юбориши мумкин, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.
Шунингдек, Қуролли Кучлари Академияси расмий сайти ҳам ишга туширилган.
Веб-сайт Қуролли Кучлар Академияси фаолияти очиқлигини таъминлаб, таълим муассаса ҳаётига боғлиқ тадбирлар ва ҳодисаларни тезкорлик билан ёритиш, шунингдек, жамоатчилик билан алоқаларни яхшилашга хизмат қилади.
Сайтда академия раҳбарияти, унинг тузилмаси ва тарихи ҳақидаги ахборотлар, бўш иш ўринлари, ҳарбий-илмий ишлар ҳақида батафсил маълумотлар билан танишиш мумкин.
Айни вақтда сайт синов режимида фаолият кўрсатмоқда.
Қуролли Кучлар академиясига экскурсия уюштиришни истаган ўқувчи ёшлар гуруҳлари учун ҳам янги имконият пайдо бўлди. Энди ташриф буюрувчиларнинг аризалари "Telegram" канали ҳамда сайтдаги электрон манзиллар орқали қабул қилинади.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йиллар давомида энг ёпиқ деб ҳисобланиб келган Мудофаа вазирлиги 2017 йилда mudofaa.uz расмий веб-сайтини, 2018 йилда эса "Telegram"да t.me/mudofaa_press канали ҳамда оммабоп ижтимоий тармоқ ҳисобланган "Facebook"да "Mudofaa_Press" расмий аккаунтини ишга туширган.