ТОШКЕНТ, 19 авг – Sputnik. Давлат Божхона қўмитаси Ўзбекистонга йўловчи поездларда олиб келинаётган бир қатор контрабанда товарларни аниқлади.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Келес” темир йўл чегара божхона постида 13-17 август кунлари қиймати 150 млн. Сўм бўлган товарларнинг ноқонуний олиб ўтилиши фош қилинди.
Хусусан, “Астана-Тошкент” рейси бўйича кириб келган вагон йўловчиси Р.М. жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб ўтиш меъёрларига зид равишда қиймати 21 млн. сўмлик 7 минг жуфт қўлқопларни божхона назоратидан четлаб олиб кираётган пайтда тўхтатиб қолинди.
“Алмата - Нукус” йўналишидаги поезд кузатувчиси, қўшни давлат фуқароси Б.С йўловчиларга тарқатган ҳолда 15 та юк сумкаларидаги аёллар кийим-кечаклари ва пойафзалларни вагон купеларига жойлаштириб чиққан экан. Божхона назоратидан яширилган мазкур кийим-кечаклар ва пойафзалларнинг умумий қиймати салкам 69,3 млн. сўмни ташкил қилди.
“Свердловск-Тошкент” рейси бўйича кириб келган йўловчи поездида ҳам божохна қонунбузилиши фош этилди. Фуқаро М.И. белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган ҳамда товарларни олиб ўтишда жорий қилинган чекловлар ва даврийликка риоя этмаган ҳолда қиймати 32,8 млн. сўмлик 2 дона лентали арра, 10 дона муқаддам ишлатилган тикув машиналари ва 9 дона газ ҳисоблагичларни олиб кирмоқчи бўлган экан.
“Москва-Андижон” йўналишидаги поезд вагонларидан яна бирининг кузатувчиси, фуқаро Р.Ф. ҳам шу усулда қиймати 5,7 млн. сўмлик, 27,4 литр оғирликдаги 65 дона алкоголли ичимликларни божхона назоратига тақдим этмасдан туриб, олиб келаётганлиги аниқланди.
Айни шу йўналишда кириб келган яна бир фуқаро Н.Қ. ҳам божхоначиларни чалғитишга уриниб, вагондаги ҳамроҳларига тарқатган ҳолда жами қиймати 12 млн. сўмлик 10 литр ҳажмдаги 20 шиша ароқларни ва 100 қути тамаки маҳсулотларини олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
“Москва-Андижон” рейсининг йўловчиларидан яна бири, Қ.Ш.га ҳам юқоридаги “усул”ни қўллаган ҳолда қиймати 2,4 млн. сўмлик 80 қути тамаки маҳсулотларини республикамизга олиб кириш “насиб” қилмади.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракталари олиб борилмоқда.