ТОШКЕНТ, 13 авг — Sputnik. Эрон Мудофаа вазири Амир Хотамий душанба куни "Фатех" типига мансуб янги авлод баллистик ракетасини тақдим этди. Ракета радарларни айланиб ўтиб, юқори аниқликда нишонга ета олади, деб хабар қилмоқда Tasnim ахборот агентлиги.
Хотамийнинг сўзларига кўра, янги ракета тўлиқ эронлик мутахассислар томонидан лойиҳалаштирилган. Эрон Мудофаа вазири ракета синови муваффақиятли кечганини қўшимча қилган. Хотамийнинг таъкидига кўра, янги ракеталарни оммавий ишлаб чиқариш мамлакат мудофаа қудратини кучайтиради, қолаверса, Эрон Қуролли кучлари ракета саноатини бундан кейин ҳам ривожлантириш ҳамда мамлакатда ишлаб чиқариладиган ракеталар имкониятларини кенгайтириш истагида.
Эрон Мудофаа вазири Хотамий, ўз баёнотида Эрон бошқа давлатларга мамлакатнинг ички ишларига аралашишга ҳеч қачон йўл қўймаслигини таъкидлаган.
Илгарироқ, Fox News телеканали дипломатик доиралардаги манбаларга таянган ҳолда, Эрон бир йилдан ошиқ вақт деганда биринчи маротаба баллистик ракетани синовдан ўтказганлигини маълум қилган эди. Манбалар маълумотига кўра, ракета Эрон жануби-шарқий қисмидаги Жаска шаҳри ҳудудидан учирилган ва америка спутниклари томонидан қайд этилган. Ракета юз миль (160 км атрофида) масофани учиб ўтган.