ТОШКЕНТ, 11 авг – Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ шу йилнинг 10 август куни баъзи сайтларда тарқалган 9 август куни Яккасарой туманида 14 ёшли қизнинг олиб қочилгани ва зўрлангани ҳақидаги хабар ҳақиқатга мос эмаслигини маълум қилди.
Қайд этилишича, тарқатилган хабарда “Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда тизимдаги ИИОФМБ ходимлари томонидан ушбу жиноятни содир этган шахс қидирилаётгани айтилмоқда”, дейилган.
“Тошкент шаҳар ИИББ ушбу маълумот ҳақиқатга мос эмаслигини маълум қилади. Қолаверса, август ойи мобайнида Яккасарой тумани ИИО ФМБ ва ИИБларига бу турдаги оғир жиноят юзасидан биронта ҳам ариза келиб тушмаган”, - дейилади шаҳар ИИББ сайтида.
ИИББ мазкур “янгилик”ни ички ишлар органларини обрўсизлантириш ва ўзига арзон рейтинг ишлаб олиш мақсадида эълон қилинган асоссиз маълумот сифатида баҳолаш мумкинлигини билдирган.
Шунингдек, ОАВ вакилларини чоп этиладиган ҳар бир хабар учун масъулиятни ҳис қилишга, ахборотни ишончли манбалардан олишга чақирган.