ТОШКЕНТ, 10 авг – Sputnik. Тест синовлари Қурбон Ҳайитига тўғри келиши муносабати билан абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қулайлик яратиш мақсадида тест синовлари 2018 йил 17-20 август кунларига кўчирилди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.
Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2018 йил 30 июлдаги 4-сон баёни билан олий таълим муассасаларининг сиртқи таълим шаклига тест синовлари 2018 йил 20 августдан бошлаб ўтказилиши белгиланган эди.
“Тест синовлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 17-18 август кунлари шу кунларда тест синови ўтказилаётган биноларда, Тошкент шаҳрида 17-20 август кунлари ўтказилади. Бинолар манзилларини Давлат тест марказининг www.dtm.uz сайти орқали билиб олиш мумкин”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтилишича, Гулистон давлат университети, Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти, Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали ва Тошкент давлат аграр университетининг сиртқи таълим шаклига ҳужжат топширган абитуриентлар учун тест синовлари Тошкент шаҳридаги биноларда бўлиб ўтади.
Маълумот берилишича, 2018/2019 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларининг сиртқи таълим шаклига қабул квотаси 14 050 та қилиб белгиланган. Абитуриентлар томонидан 135 280 та ариза топширилган.
Тест синовлари натижалари тест ўтган куннинг эртасига Давлат тест марказининг www.dtm.uz сайти орқали эълон қилинади.