ТОШКЕНТ, 10 авг – Sputnik. Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид лойиҳалар билан танишди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Туманнинг Оқлон маҳалласида бўш турган жойда тижорат банклари иштирокида тўқимачилик маҳсулотлари, тайёр кийим-кечак ва спорт товарлари ишлаб чиқарадиган корхоналар жойлашадиган технопарк ташкил этиш режалаштирилган.
Шу ерда енгил саноат тармоғига инвестициялар жалб этиш, замонавий уй-жойлар қуриш, тиббий диагностика маркази ва мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш, асални қайта ишлаш ва қадоқлашни йўлга қўйиш бўйича режалаштирилган лойиҳалар намойиш этилди.
“Давлатимиз раҳбари саноатни инновацион ривожлантириш, хорижий тажрибани ўрганиб, маҳсулдорлик ва рақобатдошликни ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Тадбиркорларнинг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлади”, - дейилади хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бунёдкор кўчасидаги янги қуриб битказилган кўприк ва Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғини бориб кўрганди.