ТОШКЕНТ, 7 авг - Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси сенатори Алишер Курманов Тошкентда ўтказилган матбуот-анжумани давомида Ўзбекистон-Россия алоқаларининг ҳозирги ҳолатига изоҳ берди.
"Ўзбекистон-Россия муносабатлари даражаси ҳақида гап борганда фақатгина "аъло", дея таъриф бериш мумкин. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар, бу узоқ муддатли истиқболларга асосланган, самимий иттифоқдошлик, стратегик муносабатлардир. Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори ва иттифоқдоши бўлган ва шундай бўлиб қолади", - деб таъкидлади Курманов.
Сенатор, шунингдек, айни вақтда Ўзбекистон Сенати раисининг Россия Федерациясига ташрифи бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.
"Ташриф муддати ва бошқа масалалар ҳали қўшимча муҳокама этилади. Чунки олдинда унданда каттароқ (Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи демоқчи, таҳр.) ташриф турибди", - деди Курманов.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 7 август куни Тошкентдаги Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг 2018 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолиятига ва келгусидаги устувор йўналишларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.