ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Аргентиналик футбол мутахассиси Эктор Купер расман Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи этиб тайинланди, деб хабар қилди Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси мамлакат бош жамоасини ишониб топшириш мумкин бўлган мутахассис билан ва ниҳоят музокараларни якунлади. ЎФА расмийлари шартнома имзолаш мумкин бўлган 10 дан зиёд номзодлар орасидан аргентиналик Эктор Купер вариантида тўхталди.
Мамлакат миллий терма жамоасининг таклифини қабул қилган Купер 6 августда Миллий олимпия қўмитасининг анжуманлар залида соат 15:00 да футбол мухлисларига таништирилади. Шундан сўнг у билан матбуот анжумани ташкил этилади. Анжуманда барча турдаги ОАВ иштирок этиши мумкин.
Маълумот учун Эктор Купернинг сўнгги жамоаси Миср терма жамоаси эди. Бунга қадар аргентиналик мураббий Аргентинанинг "Уракан", "Ланус", Испаниянинг "Мальорка", "Валенсия", "Реал Бетис", "Расинг", Италиянинг "Интер", "Парма", Туркиянинг "Ўрдуспор", Грециянинг "Арис", БААнинг "Ал-Васл" клубларида, Грузия (2008-2009) терма жамоасида ҳам фаолият олиб борган.