ТОШКЕНТ, 31 июл — Sputnik. Тошкентнинг Юнусобод тумани Амир Темур шоҳ кўчасининг Осиё кўчаси билан кесишган қисмидан Тошкент кичик автомобиль ҳалқа йўл ўтказгич (кўприк) қисмигача бўлган қисмида ҳаракат вақтинча чекланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 июлдаги “Тошкент шаҳрида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бориши тўғрисида”ги сайёр йиғилиши баёни билан хорижий ташаббускор (Россия Федерацияси) “KB Strelka” компанияси томонидан ишлаб чиқилган “Тошкент сени севади” комплекс дастури ва “Дизайн код” лойиҳаси асосида Тошкент йўлларида реконструкция ва ободонлаштириш ишлари бошланди.
“Реконструкция қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг биринчи босқичини олиб борилиши муносабати билан, қолаверса фуқаролар хавсизлигини таъминлаш мақсадида 15 август кунига қадар ушбу йўналиш бўйича ҳаракатланаётган барча турдаги транспорт воситаларини ҳаракати вақтинча тўхтатилади”, - дейилади ҳокимлик хабарида.