ТОШКЕНТ, 31 июл — Sputnik. "Менинг фикрим" жамоавий мурожаатлар порталига ичимлик сувини асраш бўйича мурожаат жойлаштирилди.
Мурожаат муалифи ичимлик сувининг нархини табиий газдан ҳам қимматроқ қилиб қўйишни таклиф қилган.
“Пулини тўлаяпманку деб хоҳлаганича исроф қилаётганларни ёз кунлари ҳаддан зиёд кўп кўряпмиз. Айниқса, ҳовлиларда яшовчи фуқаролар ичимлик сувини шунчаки кўчага сепиб, ҳамма ерни салқинлаштириш эвазига жуда кўп миқдордаги тоза ичимлик сувини увол қилмоқда. Охирги кўрсатгичларга қараб ҳисобласак, ичимлик суви учун энг арзон нарх 1 м3 = 345 сўм бўлса, шу нархни бир неча баробаргача, 1 м3 учун 2000 сўмгача ёки унданда қимматроқ қилсак, балки аҳолимиз ичимлик сувини увол қилишмасмиди”, - дейилган мурожаатда.
Илгарироқ БМТнинг сув ва санитария ҳақида умумий ҳисоботида жаҳонда 2,1 миллиард киши хавфсиз ичимлик суви таъминотидаги қийинчиликларга дуч келганлиги ҳақида хабар берилганди.
БМТ маълумотларига кўра, 70 фоиз ичимлик сув қишлоқ хўжалигига тўғри келади.
"Ўтган аср давомида дунё 70 фоиз табиий сув ҳавзаларини йўқотди. Сув билан боғлиқ экотизимни сақлаб қолиш ва тиклаш ижтимоий фаровонлик ва иқтисодий ўсиш учун жуда муҳимдир", — дейилган ҳисоботда.