ТОШКЕНТ, 28 июл – Sputnik. Тошкентда SF Global компаниясининг Sky city (“Самовий шаҳар”) бинолари мажмуи қурилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, лойиҳага киритиладиган сармояларнинг умумий миқдори 500 миллион долларни ташкил этади.
“Инвесторлар бу маблағларнинг ярмини ободонлаштиришга йўналтиришга тайёр. Кенг ер майдонида баландлиги 30-40 қаватлик замонавий бинолар мажмуини қуриш режалаштирилмоқда. Улардан бири меҳмонхона, 5 таси – офислар ва 6 таси турар жой бинолари бўлади”, - дейилади хабарда.
Қурилиш ишлари 5 ойдан сўнг – участка тўлиқ тасдиқланганидан кейин бошланишига қарор қилинди.
Ахборот хизматининг билдиришича, 28 июл куни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж. Ортиқхўжаев ўтказган “Очиқ эшиклар куни”да тақдим этилган лойиҳаларнинг 35%и жойида маъқулланди, қолган инвесторларга муқобил участка ва объектлар таклиф қилинадиган бўлди.
Тадбирда умумий қиймати 591 млн долларлик (бундан $173 миллиони тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар) 62 лойиҳа тақдим этилди.