ТОШКЕНТ, 27 июл - Sputnik. Миллий олимпия қўмитасида бокс, дзюдо, таэквондо WTF ва каратэ WKF спорт турлари бўйича саралаш мусобақаларини ташкил этиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда шарқ яккакурашларининг турли йўналиши билан шуғулланаётган ёшларни Олимпия спорт турларига жалб қилиш, улар учун махсус мусобақа ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
“Унга кўра кикбоксинг, муайтай, қўл жанги, ушу билан шуғулланаётган спортчиларимиз ўртасида бокс бўйича турнир ташкил қилиш таклиф этилди”, - дейилади Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарида.
Бундан ташқари, кураш, самбо, белбоғли кураш, жиу-житсудан дзюдога, таэквондонинг анъанавий, шунингдек, ITF ва GTF йўналишлари, ўзбек жанг санъати, жун ри додан таэквондо WTFга, фудокан каратэ-до, анъанавий каратэ ва шотокан каратэ-додан эса каратэнинг WKF йўналишига йўналтириш ишлари олиб борилади.
15-21 ёшли спортчилар иштирокида ташкил қилинадиган мусобақани жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида ўтказиш режалаштирилди.